Close
Social profiles

Яқиндагина ўз фаолиятини бошлаган Фарғона пресс-клубида кўтарилган навбатдаги мавзу халқаро анжуманга бағишланди.

Сессияни Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов очди ва олиб борди. Унда таниқли фольклоршунос олимлар, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Эрон, Тожикистон, Туркия каби давлатлардан ташриф буюрган санъат билимдонлари, вилоятимиз журналистлари иштирок этди.

Пресс-клуб ишида бебаҳо фольклор санъатининг ўлмас тарихи, унинг истиқбол омиллари, халқлар маданиятида тутган ўрни, бу меросни асраб-авайлаш борасидаги изланишлар ҳақида қимматли фикрлар ўртага ташланди. Санъатшунослар мавзу юзасидан саволларга атрофлича жавоб қайтардилар.

–  Ўзбек санъаткорлари билан ҳамиша мустаҳкам алоқадамиз, –дейди туркиялик қўшиқчи Бунямин Аксунгур биз билан суҳбатда. – Ўзбек ва туркларнинг аслида тили, дини, маданияти ва санъати бир. Миллий  қўшиқларингизни турк тилига таржима қилиб, уни турк оҳангида айтишга қизиқаман. Ортиқ Отажонов, Камолиддин Раҳимовлар каби ўзбек қўшиқчилигининг намояндалари ижодига ўзгача меҳр ва ҳурмат билан қарайман. Мана шу бетакрор овоз соҳиблари, ҳофизларнинг ашулаларини туркча йўналишда ижро этяпман.

Тожикистон, Туркия ва Эронлик санъат усталари ўз бадиий чиқишларидан намуналар ижро этгани барчага хушнудлик улашди.

–Икки тилда сўзловчи бир халқмиз, деб таъриф берилади ўзбек ва тожик элларига. Дарҳақиқат, бизнинг маданиятларимиз ҳам шу қадар яқинки, уларни бир-биридан айро тасаввур этиш қийин, – дейди Тожикистон халқ артисти Сайрам Исаева. – Биз ҳам Тожикистонда “Биби” фольклор-этнографик ансамблини ташкил этганмиз. Вақт ўтгани сайин ушбу жамоамиз репертуари ранг-баранг қўшиқлар билан бойиб бормоқда. Бу каби халқаро миқёсдаги анжуманлар бизни қалбан бирлаштиради. Маданиятларимизни юксалтиради, Ватанга муҳаббатимизни оширади. Турфа тилларда янграган оҳангларни меҳр билан тингладик. Демакки, фолклор санъати ҳамиша барҳаёт.

Матни ва суратлар муаллифи Аҳрор Зиё

Close