Close
Social profiles

Қўқон аравалари, туялардан иборат кичик карвонни Ижодкорлар боғи дарвозаси олдида кутиб олгандан кейин вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев  етакчилигидаги ташкилотчилар, қўшни республикалардан келган меҳмонлар ва мезбонлар ҳар бир кўргазма, ҳунармандчилик намуналарини яқиндан кўздан кечирдилар. Турли ҳудудлардан келган фольклор жамоалари чиқишларига эътибор қаратилди.

Шундан сўнг Ижодкорлар боғида жойлашган амфитеатрда “Буюк ипак йўли” халқаро фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Саҳнанинг юқори айвонида қувноқ оҳангда янграган карнай садолари байрам бошланаётганлигидан дарак берди. Миллий либосда садафдек терилиб чиққан лобар қизлар фестивалда иштирок этаётган ҳар бир давлат рамзини олиб чиқдилар.

Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, фольклор аталмиш бебаҳо мероснинг инсон маънавияти, ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида гапирди ва байрам иштирокчиларини мазкур анжуман билан самимий муборакбод этди.

– Фестивалдан кўзланган мақсад маданият ва санъатнинг ноёб намуналарини  кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш, ривожлантириш, ёш авлод қалбида санъатга бўлган  меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, давлатлараро, халқлараро дўстлик, биродарлик, тинчлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришдир, –деди Бош вазир ўринбосари ўз сўзида.

Катта экранда Марғилоннинг гижда нонлари, қўли гул усталари, моҳир ҳунармандлари, санъат ва маданият аҳли, шаҳарнинг бугунги кўриниши, туялар карвони, “Буюк ипак йўли” харитаси акс этиб, саҳнада марғилонча лапарлар янграй бошлайди. Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Маъмуржон Узоқов, Муҳиддин қори Ёқубов сиймолари санъатимиз тарихини эслатиб турди. Мазкур нуфузли анжуманнинг айнан Марғилонда ўтказилишини уста санъаткорлар юртига юксак эътиром намунаси дейиш мумкин.

Фольклор санъати миллат руҳининг ифодаси, эзгулик сарчашмаси сифатида ҳамиша ардоқлаб келинади.Тантана давомида айтилган ҳар бир тарона, катта ашула, терма ва ёр-ёрлар, наво-ю, лапарларда халқ мусиқаси, халқ сўзлари мужассам эди. “Йўл бўлсин”, “Тановар”, Наҳори нашта”, “Билакузук”, “Илила ёр”, “Хо-хо ялона” каби қўшиқлар дилга яқинлиги, кўнгилда қолгани, юраклардан ижро этилгани билан ҳануз ўз қиймати, қадрини йўқотгани йўқ. Янги овозлар уларни янгилаб, ўзига хос усул билан қайта жонлантирмоқдалар. Халқ дарди, қувончи акс этган оддий, қувноқ, гоҳида дил ғами яширинган шўх лапарлар, фольклорчилик намуналарига барибир ўзимизда интиқлик, ташналик сезаверамиз. Уларни тинглагани сари тинглагимиз, бундай яллаларга ўйнаган сари ўйнагимиз келаверади. Алёрларнинг шодон мусиқалари фестиваль иштирокчиларини, айниқса, хорижликларни даврага чорлади.

Халқаро фестивалда Италия, Германия, Япония, Эрон, Польша, Монголия, Дания, Франция, Канада, Жанубий Корея, Малайзия, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби ўнлаб давлатлардан меҳмонлар, хорижий давлатларнинг элчихоналари вакиллари, таниқли дипломатлар, фольклоршунос олимлар иштирок этаётганлиги фарғоналикларни ғурурлантиради.

– Кечадан бери бу байрамнинг барча тантана ва тадбирларига гувоҳ бўляпмиз, – дейди Польша давлатидан келган сайёҳ Мариан Петишак. – Маданий бойликларингизни, санъатингизни таърифлашга тил ожиз, биз фақат ҳайратдамиз. Боғни мен эртаклар шаҳарчасига ўхшатдим. Тинчлигингизга кўз тегмасин, байрамларингиз бор бўлсин!

Тантанада Азиз Абдуазимов, Элбек Аҳмедов, Шоҳида Жўраева, Аҳмаджон Одилов, Қиличбек Мадалиев, Гулсанам Мамазоитова, Хурсаной Қодирова, Зуҳриддин Ражабов, Барно Юлдашева, Диёра Мухторова, Илҳом Иброҳимов, Нуриддин Асқаров, Яҳёбек ва Муҳсинбек Мўминовлар, Отабек Муҳаммадзоҳид, Зулайҳо Бойхонова, Абдуҳошим Исмоилов сингари таниқли ва севимли санъаткорлар томонидан мақомлар, қўшиқлар ижро этилиб, саҳнада яна миллий санъатимиз ва ўзбек фольклорининг энг сара намуналари авж пардаларда янгради.

– Халқимиз бундай байрамларни жуда соғинган. Президентимиз бошчилигида ўтган даврда мақом, бахшичилик эндиликда фольклор санъатига бағишланган улкан миқёсдаги фестиваллар ташкил этилиши санъаткорларни ҳам, санъатсеварларни ҳам қувонтирмоқда. Бугунги бадиий чиқишларни санъатда талабчан Фарғона халқи олдида ўзига хос бир имтиҳон дейиш мумкин. Эътибор ва рағбат бор экан, наволаримиз, хонишларимиз хали кўп яшайди, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов.

Очилиш маросими якунида ўзбекча қўшиққа дунё халқлари бирлашиб, битта саҳнада дўстлик, иноқликни дилга солиб ўйнадилар. Марғилон осмони узра отилган мушакларнинг ёғдулари байрамга ўзига хос улуғворлик бағишлади…

Танлов иштирокчиларининг чиқишлари тунга қадар давом этди.

Мадаминжон Солижонов

Суратлар муаллифи: Аҳрор Зиё

Close