Close
Social profiles

“Буюк ипак йўли” халқаро мусиқа фестивали доирасида ўтказилган тадбирлар ўз мазмуни билан иштирокчиларга манзур бўлмоқда.

Хусусан, Марғилоннинг қадимий масканларидан бири бўлган Саид Аҳмад Хўжа Эшон мадрасасида “Қарғалар учса қарайлик…” деб номланган спектакл намойиши барчага ана шундай хушнудлик улашди.

Саҳна асарида акс этган ғоялар бугунги кунда ҳам жуда долзарб. Жадидлар сафида халқни маърифатли кўришни истаган Абдулла Авлоний ўзининг “Пинак” драмасида шундай илғор фикрларни илгари суради. “YuMAT Art” масъулияти чекланган жамияти “Ижод” театр студияси томонидан саҳналаштирилган ушбу асар Комил Яшин, Мутал Қодир асарлари билан уйғунлашган ҳолда талқин этилди ва унда асосан ёш актёр ва актрисалар маҳорат билан иштирок этдилар.

Ўз даврининг аёвсиз иллатлари, билимсизлик, хурофотга қарши кураш руҳи акс этган асарда гиёҳвандлик, қиморбозлик, илмсизлик каби ҳолатлар сатира руҳида очиб берилган. Ушбу комедияда турли лапар ва халқона оҳангларнинг янграши саҳна асарининг мазмунини янада оширган.

Ушбу ажойиб асарнинг саҳна юзини кўришида катта жамоанинг меҳнати борлиги яққол намоён бўлди. Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов саҳналаштирган ушбу асарда мусиқий фолклор қўшиқлар устида Улуғбек Тожиматов изланди. Анвар Исоқов, Икром Абдуллаев, Гулчирой Мелибоева, Азиз Азизиддинов, Дилфуза Абдуллаева каби ёшларнинг ижроси томошабинларга манзур бўлди. Азиз Исроилов, Малоҳат Тоирова каби устоз актёрлар ижроси ҳам комедиянинг томошабоп бўлишини таъминлаган. Декорациялар устида эса Мухтор Қўзиев маҳорат билан ишлаган.

Саҳна асарини йиғилганлар юксак ҳурмат билан олқишладилар.

Матн ва суратлар муаллифи Мадаминжон Солижонов ва Аҳрор Зиё

Close