Close
Social profiles

Марғилон шаҳрида бўлиб ўтаётган, бебаҳо меросимизни юксак руҳда тараннум этган “Буюк ипак йўли” халқаро фестивали ўз якуни етди. Тадбирда Фарғона вилоятининг ҳокими Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқди. Шунингдек, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари фестивалнинг танатанали ёпилиш маросимида иштирок этди.

Тантанали тадбирда эътироф этилганидек, халқ оғзаки ижоди намуналарини кенг тарғиб этиш ва оммалаштиришда халқ дасталарининг ўрни ва ҳиссаси катта. Айнан шу каби истеъдодларимизнинг изланиш ва интилишлари туфайли ушбу санъат тури бутун дунёда шуҳрат топиб, авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Шу маънода, бугун Марғилон шаҳрида ўтказилган халқаро фестиваль халқимизга хос самимий меҳмондўстлик анъаналарини кенг тарғиб этиб, унда иштирок этаётган ҳар бир иштирокчи қалбида бир умр унутилмас таассуротлар қолдираётгани таъкидланди.

Ҳаяжонли дақиқалар. Фестиваль иштирокчиларини тақдирлаш жараёнида ғолиблар номи бирма-бир эътироф этилди.

Рағбат ҳар қайси соҳа вакилининг ривожланишига ва келгуси изланишларига туртки беради. Шуни инобатга олган ҳолда фестивалнинг якуний босқичи ғолибларига ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилди. 1-ўрин ғолиби 3500 АҚШ доллари, 2-ўрин ғолиблари 2500 АҚШ доллари, 3-ўрин ғолиблари 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди.

Халқаро фестивали ғолиби “Ибарат” мусиқий жамоаси (Қирғизистон)

Шунингдек, энг яхши натижа кўрсатган жамоаларга турли номинациялар бўйича пул муокофотлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Уларнинг сафида хориж давлатларидан ташриф буюрган иштирокчиларнинг борлиги диққатга сазовордир.

“Чодиржамол” халқ фольклор –этнографик жамоасига (Ўзбекистон, Фарғона), Пуревху Темуужин (Mўғулистон) ҳамда “CSPCS JAPAN”  (Япония) мусиқий жамоасига 2-ўрин насб этди. 

–Икки тилда сўзловчи бир халқмиз, деб таъриф берилади ўзбек ва тожик элларига. Дарҳақиқат, бизнинг маданиятларимиз ҳам шу қадар яқинки, уларни бир-биридан айро тасаввур этиш қийин, – дейди Тожикистон халқ артисти, “Анъаналарга содиқ ижро” номинацияси совриндори “БибиХо” фольклор-этнографик ансамбли раҳбари Сайрам Исаева. – Вақт ўтгани сайин жамоамиз репертуари ранг-баранг қўшиқлар билан бойиб бормоқда. Бу каби халқаро миқёсдаги анжуманлар бизни қалбан бирлаштиради. Маданиятларимизни юксалтиради, Ватанга муҳаббатимизни оширади. Турфа тилларда янграган оҳангларни меҳр билан тингладик. Демакки, фолклор санъати ҳамиша барҳаёт.

3-ўринга “Инвожо” мусиқий жамоаси (Россия, Удмурдск республикаси), “YEMURI Dance company” мусиқа ва рақс жамоаси (Корея Республикаси) ва “Yasaman Group Musician” мусиқий жамоаси (Афғонистон) сазовор бўлдилар.
“YEMURI Dance company” мусиқа ва рақс жамоаси (Корея Республикаси)

Тақдирлаш маросимидан сўнг гала-концерт бошланди. Унда халқимизнинг севимли санъаткорлари ва фолклор жамоаларининг ўз чиқишлари билан йиғилиганларга хушнудлик улашди.

Шубҳа йўқки, маҳоратли санъаткорлари, беназир санъат шинавандалари билан донг таратган Марғилон бу улкан халқаро анжуманни муносиб кутиб олди. Қадим ва навқирон шаҳар сифатида фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларига ўз меҳмоннавозлик, санъатсеварлик салоҳияти, имкониятларини намоён этди.

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ

Суратлар муаллифи: Муқимжон ҚОДИРОВ

Close